Главная » 2013 » Апрель » 22 » Алишер Файз ўз концертида йиғлади…
21:01
Алишер Файз ўз концертида йиғлади…

Алишер Файз «Истиқлол» санъат саройида тўрт кунлик «Яхшиям сиз бор» концерт дастурини мухлисларга ҳавола этди…

Парда очилиши билан оппоқ тутунлар орасидан саҳнада пайдо бўлган Алишер Файз мухлисларини юзма-юз кўришни орзиқиб кутгани туфайли ва аксинча хонандани соғинган мухлислари учун «Соғиндим» дея хониш қилиб концерт дастурини очиб берди.


Миллийлик уфуриб турган саҳна декорациясини кўрган мухлис ўзини худди нақшинкор устунлар билан безатилган шинам айвонда ўтиргандек ҳис қилган бўлса ажабмас.


Дастурни журналист Нурмуҳаммад Исроилов олиб борди. Хонанданинг ҳаяжони, қўрқуви шу қадар кучлилигидан бир неча дақиқа сўзини йўқотиб қўйди. Мухлисларнинг қарсаги ҳаяжонни бироз босди шекилли, уларга дилидаги гаплар билан юзланди.


1-2 блок орасида сўз устаси Мирзабек Холмедов бугунги кунда долзарб бўлган мавзуларни латифа сифатида саҳнага олиб чиқиб, йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.


Концертнинг кулминацияси бу — хонанданинг онасига бағишлаб куйлаган «Она раҳмат» номли қўшиғи бўлди. Концертга ташриф буюрган мухлисларни йиғлатгани етмагандек, Алишернинг ўзи ҳам кўзидаги ёшларини яшира олмади. Қўшиқ тугагач ҳам тинимсиз қарсаклар тўхтамади.


Айтиб ўтиш жоиз, қўшиқнинг қўшиққа уланиши жуда чиройли тарзда ишланган. Бунда раққоса Паризода бошчилигидаги «Марварид» рақс дастасининг хизмати катта. Чунки ўзига хос саҳна кўринишлари, рақслар жилоси мухлислар кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди. «Юзда юрма юзга кир» қўшиғига саҳналаштирилган чиқишда устоз санъаткор Тўхтамурод Азизовни кўрган томошабин юзига беихтиёр табассум югурди. Бир сўз билан айтаганда, Алишер йиғилганлирни йиғлатишни ҳам, кулдиришни ҳам ўз ўрнига қўйди.


Алишернинг бугунги даражага етишида хизматлари синган устози Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳам сўзга чиқиб, шогирди ва йиғилган мухлислар эътиборига бир дилрабо қўшиқни арғумон этди.


Озодбек Назарбеков: — Алишер биринчи, иккинчи йили концерт берганида саҳна ортида ўтириб, дастур тугагунча пешонамдан совуқ тер аримасди. Бу йил анча хотиржам ўтирдим. Демак, шогирдим катта йигит бўлиб қолибди (кулади).


Алишер сурхонча йўналишдаги «Дўмбира» қўшиғини куйлаб бўлиши билан кутилмаганда дўмбирачи қизнинг ўзи — Ҳосила Раҳимова бир даста гул билан хонандани табриклагани келди. Бундан ташқари, Алишернинг ҳаяжонини енгиб, далда бўлиш учун дўсти Сардор Раҳимхон биринчилар қаторида ташриф буюрди. Қолаверса, Шукрулло Исроилов, Мирмақсуд Охунов, Ортиқ Султоновлар ҳам хонандани табриклагани келишди.


Концерт ниҳоясида ижодий гуруҳ саҳнага таклиф этилгач, «Бугун байрам» номли қўшиқ ва сўнггида йигитларнинг миллий рақси билан дастурга якун ясалди. Хонанданинг ютуғи — концертни маҳоратли режиссёр Лутфулла Аллақулов томонидан ташкиллаштирилгани ва қўшиқ, рақс, саҳна чиқишларида меъёрни унутмаганлигида. Қўшиқлар кетма-кетлиги жуда муваффақиятли тузилгани сабаб, томошабин зерикишга улгурмади.


Алишер Файз: — Очиғи, концерт аввалидаги ҳаяжон дастур тугагач ҳам йўқолгани йўқ. Чиқишлардаги баъзи камчиликларни кейинги кунлари тўлдиришга ҳаракат қилдик. Иш бор жойда камчилик албатта бўлади. Мухлисларнинг илиқ фикри дастурга берилган баҳо бўлса керак.


Устозидан ўтмаган шогирд шогирдмас, деб бежиз айтишмаган кўринади.


darakchi.uz

Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 247 | Добавил: gonch | Теги: йиғлади…, концертида, ўз, ФАЙЗ, алишер | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: