Главная » 2013 » Апрель » 22 » Алишер Узоқов ва Бахтиёр Ашурматов. Уларни нима бирлаштиради
20:54
Алишер Узоқов ва Бахтиёр Ашурматов. Уларни нима бирлаштиради


Лойиҳага бироз ўзгартириш
киритишга аҳд қилдик. Бугунги меҳмонларимизнинг бири актёр, хонанда
Алишер Узоқов, иккинчиси "Локомотив” жамоаси ҳимоячиси Баҳтиёр
Ашурматов. Улар ўзларини қизиқтирган саволлари билан бир-бирларига
мурожаат қилишади. Суҳбат "Локомотив” стадионида бўлиб ўтди. Бахтиёр
Ашурматов биринчи бўлиб савол беришни Алишер Узоқовга тақдим этди...



Бахтиёр Ашурматов: — Алишер,
футболчи сифатида бугунги кунга етиб келгунимча анча қийинчиликларни
бошдан кечирганман. Билишимча, сизда ҳам худди шу ҳолат кузатилган.
Сизни Санъат олийгоҳига қабул қилишмаганида қандай йўл тутгансиз?


Алишер Узоқов: — Тўғри,
онамнинг устози биринчи йил кўркам, қадди-басти келишмаган йигит
бўлганим учун мени ўқишга қабул қилишни истамаган. Кейин Муқимий
театрига реквизитор бўлиб ишга олинганман. Санъатдаги илк фаолиятимни
саҳнага чойнак-пиёла қўйиш, декорация қуриш, хуллас, супурги, пол
латталар менинг қадрдоним эди. Бунинг орасида оммавий саҳналарда
бир-иккита роллар ҳам ижро этганман. Шу тариқа ўз имкониятларимни
кўрсатиб олишга шароит туғилган. Бу орада Санъат институтига ҳам қабул
қилиндим. Ўқишни муваффақиятли тугатиб олдим ҳам. Сўнг ҳозирги Ўзбек
Миллий академик драма театрига ишга бордим.


Б.А.: — Бу тўсиқ истеъдодли актёр бўлишингизга янада иштиёқ ва куч бағишлаган, тўғрими?


А.У.: — Албатта. Ўша
домлага «мени ўз гуруҳингизга қабул қилмаганингизга ҳали афсусланасиз»,
деганман. Қайсидир маънода у домлага шундай йўл тутгани учун раҳмат
айтаман. Сабаби, мен таҳсил олган гуруҳ, у кишиникига қараганда анча
омадли чиқди. Курсдошларим бугун эл оғзига тушган ўз касбининг усталари.
Агар Маҳмуд Рашидовнинг эмас, менга тўсиқ бўлган домланинг гуруҳига
ўқишга қабул қилинганимда бугунгидек натижаларга эришмаган бўлардим,
балки.


Б.А.: — Илк муваффақиятли ўйин сифатида «Ўзбекистон» терма жамоасида тўп сурганим деб биламан. Сиз-чи?


А.У.:
Дебют ролим масаласида жавоб беришга қийналаман. Боиси биринчи ролим —
олти ойлик чақалоқлигимда «Кунда» видеофильмида қатнашган эканман. Аммо
бу кинотасмага ёзиб қолинмаган. Тўрт ёшлигимда эса «Фармонбиби аразлади»
спектаклида устоз санъаткор Зайнаб Садриеванинг набираси ролини ижро
этганман. «Во-о-й, анави бола-ку!» деган гапларни эшитишни бошлаган
пайтим бу — «Остона» сериалидан кейин бўлган. «Ие, Алишер Узоқов-ку!»
деб томошабинлар мени танишига сабабчи бўлган фильм эса «Телба». Ёдимда,
кўчада учта қиз кетаётганда, ичидан биттаси исмимни айтиб чақирганди.


Б.А.: — Актёр сифатида ўзингиз орзу қилган ролни ижро этдингизми ё режиссёрлар ҳали бу бахтни сизга тортиқ қилишмадими?


А.У.:
Бир вақтлар орзуим роль ижро этиш эди. Аллоҳга шукр, бу ниятимга
эришдим. Очиғи, фалон рольни ижро этиш орзуим, деёлмайман. Чунки қандай
образ бўлишидан қатъий назар характерли, савияли, ўз «мен»и бўлган роль
бўлса бас. Худога шукр, бундай ролларим бор.


Б.А.: — Ўзбек
киносида комедияни маромига еткизадиган актёрлар бармоқ билан санарли.
Мурод Ражабов, Жаҳонгир Позилжонов ва сизни шу рўйхатга қўша оламан. Бу
рўйхатни узоқ давом эттириш учун махсус комедиядан дарс берадиган мактаб
очиб, уларни тайёрлаш керакми?


А.У.:
Энг қийин вазифа комик роль ижро этиш. Сал меъёрдан ошса бачканаликка
ўтиб кетади. Бошқа актёрларни билмадим-у, шахсан мен комедияни ижро
этмайман. Роль ўйнаётганда аввало самимийликка эътибор қаратаман,
«наигрыш» қилишни хушламайман. Комедияни маромига етказадиган актёрлар
эса чиндан кам. Ҳамма гап Санъат институтига бориб тақалади. Сабабни шу
олийгоҳдан қидириш керак…


Б.А.: — Юқорида бачканалик хусусида гапирдингиз. Репертуарингиздаги одамнинг ғашига тегадиган ролларингизни санаб беринг.


А.У.:
Бачкана, деёлмайман-у, лекин фильм савияси, рол жиҳатдан менга
ёқмайдиган кинокартиналарим бор. «Киракаш», «Мен талабаман», яқинда
катта экранларга чиқадиган «Ишонч» фильми ва мен ижро этган роль
юқоридаги гапимга мисол бўла олади.


Б.А.: — Мухлисларингиз
аудиториясини уч ёшдан олтмиш ёшгача деб белгилай оламан. Боиси, қизим
ва ўғлим ижодингизни мароқ билан кузатишади.
Шу маънода сизга омад келтирган ролингизни сўрамоқчи эдим?


А.У.:
«Телба» фильми катта кинонинг эшикларини очиб берди. «Жаноб ҳеч ким»
кинокартинаси эса шахдам-шахдам қадамлар билан олға юришимга сабаб
бўлди.


Б.А.: — Фильмни суратга олиш жараёнида биронта партнёрингизни севиб қолган пайтингиз бўлганми?


А.У.: — Ҳаммасини яхши кўриб қоламан (кулади).
Ролимни ижро этишга ҳалақит бермайдиган партнёр бўлса, образим ишонарли
чиқиши учун уни яхши кўраман, бор эътиборимни қаратаман. «Стоп,
раҳмат!» дейилгач, эски Алишерга айланаман. Лекин ортиқча чегарадан
чиқиб, кечаси билан «sмs»лашиб, қўнғироқлашишлар менинг табиатимга хос
эмас.


Б.А.: —
Йигит киши уйланганидан кейин фаолияти янада ўсади. Бу шахсий тажриба.
Сўрамоқчи бўлганим, матбуот орқали шу йил уйланишингизни маълум
қилгандингиз. Бўлажак турмуш ўртоғингизни кимлигини билмоқчи эдим…


А.У.: — Гап-сўзлардан
келиб чиқсак, мени бир неча маротаба актриса Асал Шодиева ва бошқа бир
нечта ҳамкасбларимга «уйлантиришди». Аслини олсак, тўйга тайёргарлик
бироз сусайган. Боиси, ҳозир ишга кўмилганман. Бўлажак турмуш ўртоғимни
кимлигини сир сақлашни маъқул топаман. Буни мухлислар Худо хоҳласа,
тўйим куни билиб олишади.


Б.А.: — Турмуш ўртоғингиз актриса бўлиши мумкинми? Шахсан мен буни тасаввур қилолмайман…


А.У.: — Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар яхши инсон бўлиши менга муҳим.


Б.А.: — Назаримда,
бу мавзуга тўлиқ жавоб беришни истамаяпсиз. Унда бошқа саволга ўтсак.
Энг яқин дўстларимни футболга кириб келганимдан кейин топганман. Сиз-чи?


А.У.:
Мактаб вақтидаги яқин дўстим бу — Дониёр. Соҳаларимиз бошқа-бошқа
бўлгани учун афсуски, кам кўришамиз. Қолган дўстларни албатта санъатга
кириб келганимдан кейин учратганман. Энг яқин дўстим, курсдошим —
хонанда Шоҳруххон.


Б.А.: — Ёшлигимдан
боксга қатнаганман, косибчилик ҳам қилганман. Лекин футболга бўлган
қизиқишим ҳамма нарсадан устун келган. Айтмоқчи бўлганим, ўзингизни
бошқа касбда тасаввур қила оласизми?


А.У.:
Йўқ, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ёшлигимдан театр, суратга олиш
жараёнларида катта бўлганман. Бошқа соҳага қизиқишга вақтим бўлмаган.
Шунинг учун мактабни битириш арафасида «қайси институтга ўқишга кирсам
экан?» деган савол мени қийнамаган. Мабодо санъат соҳасини
эгалламаганида футболчи бўлардим.


Б.А.: — Тезкор, юқори техникага эга бўлган паст бўйли футболчиларга ўйинда осон. Ўзингизни ҳимоячи сифатида кўрасизми ё ярим ҳимоячи?


А.У.: — Ўзимга қолса, ярим ҳимояда ўйнардим. Чунки, футболчи Деннис Бергкампнинг ўйинлари ишқибозиман.


Б.А.: — Унга ашаддий мухлис бўлсангиз, айтинг-чи, унинг энг катта камчилиги нима?


А.У.: — Самолётда учишдан қўрқади, бу касаллик.


Б.А.: — Футболчилар ўйин сўнгида юртимиз мадҳияси янграши билан ўзгача ҳаяжонни ҳис этади. Сизнинг соҳангизда ҳам шундай ҳаяжонли онлар бўладими?


А.У.: — Театрда
ишлаганимда, спектакл бошланишдан олдинги парда ортидаги ғала-ғовури ҳам
«кайф» берарди, ҳам  кишини ҳаяжонга солиб қўярди. Фильмлар тақдимотида
ҳар сафар ҳаяжонни ҳис қиламан. Охирги маротаба ўзим иштирокимдаги
«Жаноб ҳеч ким» фильмини ўтириб тамоша қилганман. Қолган пайтлари доим
балконга чиқиб олиб, кинони эмас, томошабиннинг ҳолатини кузатаман. Энг
ёқадиган ҳолат бу — санъаткорни руҳлантирадиган томошабиннинг қарсаги.


Б.А.: — Сўнгги пайтлар хонандаликка ҳам катта урғу беряпсиз. Лекин мен актёрлик фаолиятингизни анча поғона юқорига қўяман…


А.У.:
Тўғри, мен ҳам худди шундай ўйлайман. Сабаби, куйлаган қўшиқларим сони
еттита, ўйнаган ролларим эса ўттизтадан ошиқни ташкил этади. Тўғриси,
қўшиқ ёзиш мен учун қийинчилик туғдиради. Балки бу инжиқлигим билан
боғлиқдир. Биринчи қўшиғимни устида бир йил ишлагандим. Майли икки-уч
ойда битта қўшиқ тақдим этай, аммо асосийси эшитимли бўлсин.


Б.А.: —
Тўғри, сонга эмас, сифатга эътибор қаратиш тарафдориман. Савиясиз
қўшиқлар қаторида, худди шундай фильмлар ҳам «болалаяпти». Катта экранга
чиққан охирги кинокартиналардан «Қайсарлар» гапимга исбот. Наҳот
режиссёрлар фақат кассасини ўйласа?


А.У.: — Бугунги кундаги
савиясиз фильмларнинг кўпайишига сабаб, ҳар иккита кишидан биттасининг
кинога бўлган қизиқишидан. Кинода нопрофессионал одамлар кўпайиб кетди.
Буни мен ҳам маъқулламайман. Чунки бошқа соҳани битириб, санъатда
нималардир қилиб юриш одатий ҳолга айланиб қолди. Шу масалага доир қонун
ишлаб чиқилса, фойдадан ҳоли бўлмасди.


Б.А.: — Ёшингиз ўтиб қолгандан кейин актёрлик фаолиятини қандай давом эттирмоқчисиз?


А.У.: — Актёрлик
фаолиятим узоққа чўзилмаслиги аниқ. Худо хоҳласа, режиссёрликдаги илк
ишимни бошладим. Баъзи «танқид»чиларимиз «режиссёр бўлмаган битта сен
қолгандинг», дейишга шошилишмасин. Боиси, Санъат институтининг
магистратура босқичининг режиссура бўлимида таҳсил олганман. Қолаверса,
келажакда студия очиб, савияли фильмлар ишлаш ниятидаман.


Б.А.: — Яхши
роллар ижро этяпсиз. Режиссёрлик фаолиятини бошлаш шартмиди? Қолаверса,
хонандалик фаолиятингизни ҳам бир маромга солиб олмагансиз…


А.У.: — Ёшлигимдан
санъатда қандай имконият бўлса, баридан фойдаланиб кўраман, деб ўзимга
ўзим сўз берганман. Ўзбекистон Миллий университетининг «Қувноқлар ва
зукколар»да иштирок этадиган жамоаларига ҳам режиссёрлик қилганман.
Жамоаларим орасида Ўзбекистон бўйича чемпион бўлганлар ҳам бор. Айтсам
ишонмайсиз, шарҳловчиликда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчиман.


Б.А.: — Йигит
кишига қирқ хунар ҳам оз, дейсиз-да! Актёрлик соҳасида ўзингизни
нималарга қодир эканингизни исботладингиз. Бироқ хонандаликни йўлга
қўйиб олмай туриб, режиссёр ҳақида орзу қилиш эртамасмикан?


А.У.: — Йўқ, нега энди? Тўғри, хонандаликни бир маромида давом эттиришга қийналяпман.


Б.А.: — Балки хонандаликдан воз кечарсиз?


А.У.: — Йўқ! Куйлаган
қўшиғим битта одамга ёқса ҳам, унинг учун ижод қиламан. Куни кеча
Самарқандда Амфитеатрда гала концерт қўйилди. Ундаги чиқишимни ҳам жуда
илиқ қабул қилишди.


Б.А.: — Бунга сабаб, сизни мухлислар актёр сифатида севишади…


А.У.: — Агар
фаолиятимни хонандаликдан бошлаганимда ҳам шу саволни берган
бўлардингиз. «Суймаганга суйкалма», деган нақлга амал қиламан. Агар
қўшиқларим мухлисларга ёқмаганида, бу соҳани давом эттирмаган бўлардим.


Б.А.: — Бугунги кунда режиссёрлар талайгина. Уларни сафини яна биттага кўпайтириб, нима янгилик қилмоқчисиз?


А.У.: — Анчагина
кинокартинада ўйнаган бўлишимга қарамай, ўзим истагандек ролни ҳали
ўйнамадим. Режиссёрликка қўл уришимга биринчи сабаб бу. Масалан, «Сўнгги
лаҳза» фильмини мен бошқа ракурсдан суратга олган бўлардим. Ҳамманинг
дунёқараши ҳар хил. Режиссёрлар билмайдиган очилмаган қирраларимни кашф
этмоқчиман. Энг асосийси, савияли фильм суратга оламан.


Б.А.: — Ҳамма режиссёрлар шу гапларни таъкидлайди. Натижа эса бутунлай акси бўлади…


А.У.: — Фильмим савиясиз кинокатиналардан бири бўлмаслигига ишонаман.


Б.А.: — Гапингиздан келиб чиқсак, бош ролда ўзингиз ўйнасиз…


А.У.: — Аслида буни
истамагандим. Аммо бу продюсерларнинг талаби. Ҳозирги кунда банерда
кассабоп актёр турмаса, томошабин у фильмга тушмаяпти. Томошабинни
кинозалга олиб кириб, қандай фильм суратга олиш имкониятига эгалигимни
уларга намойиш этиш. Бу билан «кейинги фильмимнинг банерида мабодо
кассабоп актёр кўринмаса, бўлмағур фильм экан», деган фикрга борманглар,
демоқчиман.


Б.А.: — Ҳар икки фильмдан биттасида Алишер Узоқовни кўриш мумкин. Балки бироз танаффус қилиш вақти етгандир?


А.У.: — Йўқ! Агар
кинотеатрга тушган мухлис «уф, яна Алишерми, жонга тегди», деганда
аллақачон актёрликни йиғиштирган бўлардим. Худога шукр, мухлислар
«расмга тушиб, дастхат қўйиб беринг», дейишяпти. Бунинг ўзи кишини янги
образлар яратишга янада руҳлантиради. Айни кунларда иш кўплигидан
ухлашга ҳам вақт тополмаяпман.


Б.А.: — Ҳозир суҳбатдан чиқиб, яна суратга олиш майдончасига йўл оласиз. Айтинг-чи, қайси жамоа ўйин кўрсатганда, суратга олишни бекор қилган бўлардингиз?


А.У.: — «Арсенал» жамоаси ўйин кўрсатганда.




Савол бериш навбати Алишер Узоқовга келди…


(Суҳбатнинг даавомини эртага ўқишингиз мумкин)



Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА ёзиб олди.


Фотомухбр Равшан ДАДБОЕВ.


Манба: darakchi.uz

Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 217 | Добавил: gonch | Теги: Уларни, Бахтиёр, НИМА, Узоқов, Ашурматов., ва, бирлаштиради, алишер | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: