Главная » 2012 » Ноябрь » 19 » Ёшлар термаси Иордания билан дуранг ўйнади
10:38
Ёшлар термаси Иордания билан дуранг ўйнади
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати финал босқичидаги иккинчи учрашувни Иордания терма жамоасига қарши ўтказди. 6 ноябрь куни Рас ал-Хайма шаҳридаги "Эмирейтс" стадионида бўлиб ўтган ўйинда 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этилди.

Учрашув Аҳмаджон Мусаев шогирдлари учун осон кечгани йўқ. Биринчи бўлим давомида ҳар иккала терма жамоа дарвозалари олдида қатор хавфли вазиятлар юзага келди. Шунга қарамай, биринчи бўлимда на Ўзбекистон ва на Иордания ёшлар терма жамоаси ёшлари гол уришнинг уддасидан чиқа олишди.

Иккинчи бўлим эса Иордания ёшлар терма жамоасининг голи билан бошланди – 1:0. Иорданиянинг голидан кўп ўтмай Аббосбек Махсталиевда жуда қулай имконият юзага келди, бироқ ҳисобни тенглаштириш Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеевга насиб этди. Захирадан майдонга тушган Темур Ҳакимовнинг 59-дақиқадаги тўп узатишдан сўнг иорданиялик ҳимоячи ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўл билан ўйнади. БААлик ҳакам Муҳаммад аз-Заруний эса иккиланиб ўтирмай пенальти белгилади. Пенальтини Сергеев аниқ амалга ошириб, мусобақадаги голлари сонини учтага етказиб олди. 

Бахтга қарши, жавоб голидан беш дақиқа ўтар-ўтмас, Иордания терма жамоаси яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўнг қанотда амалга оширилган жарима зарбасидан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси марказий ҳимоячиси Сардор Раҳмонов тўпни бош билан майдондан ташқарига чиқариб юборишга ҳаракат қилди, бироқ тўп айнан унинг бошидан Асилбек Омонов дарвозасига бориб тушди – 2:1.

Голдан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳисобни тенглаштириш учун бир қатор имкониятлар юзага келди. Бироқ, Аббосбек Махсталиев, Владимир Козак, Игорь Сергеев ва бошқаларнинг зарбалари, баъзан ноаниқ чиққан бўлса, баъзи вазиятларда дарвоза устуни ёки тўсини тўп йўлига тўғаноқ бўлди. 

Ҳакам томонидан ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўнг қанотда жарима зарбасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Жамшид Искандаровнинг тўп узатишидан сўнг эса Игорь Сергеев тўпни боши билан Нуриддин Зайд дарвозасига жойлаб қўйишга муваффақ бўлди! 2:2 ва ўйин дуранг натижа билан якунига етди. Сергеев эса голларини сонини тўрттага етказиб, мусобақанинг яққол тўпурарига айланиб олди.

Ҳозирча Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 4 очко билан "С" гуруҳида пешқадамлик қилиб турибди. Гуруҳнинг 2-тур доирасидаги иккинчи ўйини 6 ноябрь куни Тошкент вақти билан 22:00да Вьетнам ва Шимолий Корея терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси БААда ўтказилаётган Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 3-турида Шимолий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушади. Рас ал-Хаймадаги "Эмирейст" стадионида ўтказиладиган ўйин 8 ноябрь куни Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади. Худди шу вақтда Фужайрадаги "Фужайра" стадионида Вьетнам ва Иордания терма жамоалари ўзаро майдонга тушишади, дея хабар беради ЎФФ матбуот хизмати.
Просмотров: 471 | Добавил: gonch | Теги: Иордания, термаси, билан, ўйнади, Ёшлар, дуранг | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: