Главная » 2013 » Апрель » 22 » “КЎРИНМАСЛАР” КУТИЛМАГАН КИНО?!
21:24
“КЎРИНМАСЛАР” КУТИЛМАГАН КИНО?!

 

"КЎРИНМАСЛАР” КУТИЛМАГАН КИНО!

"Бугун ҳамма режиссёр, бугун ҳамма актёр...” дея истехзоли гапирган эди сухбатларнинг бирида машхур кинорежиссёрларимиздан бири. Бу фикрни икки хил тушуниш мумкин: Биринчи нуқтаи назардан, "ўзбек киносида тараққиёт, ривожланиш бор, бугун бу санъатнинг мавқеи ва нуфузи баланд бўлгани учун ҳам барча талпинмоқда”, деган маънони уқиш мумкин. Иккинчи томондан эса "Бугун режиссурани "р”сини билмайдиганлар ҳам кино олмоқда, актёрлик сабоқларидан заррача хабари бўлмаганлар-да, суратга тушмоқда”, деб тушуниш ҳам мумкин. Энг муҳими, бугун ўзбек киноси бир жойда тўхтаб қолаётгани йўқ. У фақат олдинга қарам илдамламоқда.

КАШФИЁТ: Ўзбек киносида янги номлар!

АҲРОРБЕК ҚЎШМАТОВ! Кино оламига осмондан тушмаган. Дипломли, дебютант режиссёр. Тошкент давлат маданият институтининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. У мухлисларга "Чақмоқ” тахаллусидаги радиобошловчи сифатида танилган.

Радиоэфирларда чақмоқдек гумбурлаб гапирадиган, тез ва аниқ сўзлашдан Соат Шариповга ҳам сабоқ бериши мумкин бўлган истеъдодли радиобошловчи кино олишни мақсад қилган пайтда бугун кинорежиссёрлар қаторида саналаётган баъзи бир номлар кинорежиссёр бўлишни мақсад ҳам қилмаган бўлиши мумкин. Айтмоқчи бўлганим, Аҳрорбек Қўшматов дебютга қадар жуда кўп тайёрланди, жуда кўп кузатди, бу санъатнинг ҳар бир деталини синчиклаб ўрганди, фурсат етиб, илк ишини бошлашга қарор қилди.

Аль-Пачино ҳақида тўлиб-тошиб гапирганда, "Бригада” сериалини қайта-қайта томоша қилганида, "Шестое чувство” фильмининг ичак-човоғини тўнтариб тахлил қилиб сўзлаганда, ҳар бир ўзбек фильмларини диққат билан, "киприк қоқмай” томоша қилганида ва энг сўнгги пулига ҳам кинодиск сотиб олиб кўрган пайтларида "бу одамнинг ақли жойидами ўзи” деб ўйлардим... Лекин, аслида буларнинг бачаси бўлажак ишига нисбатан ҳурмат, муҳаббат ва катта тайёргарлик босқичи бўлиб чиқди. Ниҳоят, булоқ қоятошларни суриб, бўй кўрсатди...

"КЎРИНМАСЛАР” КИМ?

Ахрор Қўшматов нисбат ишончли ва кассабоп жанрда кино олишни режа қилмади. У янгича, нисбатан тегилмаган жанр ҳақида ўйлади. Бу мистика эди. Тўғри, ундан олдин шу йўналишда бир нечта фильмлар суратга олинди. Аммо у асл миллий мистика яратишни мақсад қилди ва ўз ҳаётидан йироқ бўлмаган мавзуни танлади. Яъни, ЖИНЛАР! "Кўринмаслар”, аслида бизга ёндош оламда яшовчи, аммо инсоният кўзидан пардаланган олам вакиллари...

Ижодкорнинг айтишича, жинлар мавзуида фильм олиш фикри шунчаки, кутилмаганда туғилиб қолмаган, балки болаликдан улар ҳақидаги ҳикояларни жуда кўп эшитгани сабаб бўлган...

Атишича, унинг она тарафдан бувиси ноёб қобилиятли, халол, покиза ва солиҳа аёл бўлганлар. Улар ҳақида жуда кўп қизиқарли ва сирли воқеалар содир бўлган. Бу ҳақида кинорежиссёр А.Қўшматовнинг ўзи шундай дейди:

"Айтишларича, бувим ёш келин бўлган пайтларида бобом билан кимсасиз бир жойдан ер олиб, деҳқончилик қилишган. Бир куни бувим боласини беланчакка боғлаб ҳар доимгидек ишлари билан оввора бўлиб юришади. Шунда боланинг йиғи овози эшитилади. Ётган боладан хабар олиш учун борган бувам не кўз билан кўрсинки, беланчакда бола йўқ.. Аммо, ҳеч бир боғичи ечилмаган. Саросимага тушган бувим, жон ҳолатда боласининг овози келаётган томонга, яъни дала бошидаги ариққа қараб югуради. Кўрдики, чақалоқ ўша сувсиз ариқда чинқириб йиғлаб ётибди. Эр-хотин ҳайрон бўлиб, кимдир қаттиқ ҳазил қилгандир, деган ўйда чор-атрофни қидиришади. Лекин, ростан ҳам у ерда ўзларидан бўлак ҳеч зоғ йўқ эди.

Улар тинчланган болани яна жойига белаб қўйишади ва бир оз хотиржам тортиб, ўз ишларини давом эттиришади. Қизиғи шундаки, бу ҳол бир неча марта такрорланади. Бироқ, гўдак ҳар гал ҳар хил жойдан топиларди. Бобом бувимнинг кўзларига қараб, воқеанинг асл моҳиятини англайди. Маълум бўлишича, ёндош олам вакиллари бир оз аввал бувимнинг олдига келиб, уни ёқтириб қолишганини, анчадан бери кузатиб юришларини ва бирга ҳамкорлик қилишни таклифини билдиришади. Бувим бу таклифни бир неча маротаба рад этади. Келишувга эришилмагач эса бувимнинг атрофида шунга ўхшаш турли ҳодисалар юз бера бошлайди. Шундан сўнг, бобом уларнинг таклифини қабул қилишини бувимдан қаттиқ талаб қилади. Мазкур воқеадан сўнг бувим қўли енгил ва ўткир нафасли табиб сифатида умрининг охиригача одамларни даволаб келган...”

Аслида, мавзу жуда жиддий ва бошқа олам вакиллари бўлмиш жинлар ҳақида фильм олиш осон эмас. "Буни яхши билган ҳолда мавзуга киришишдан олдин, турли сайтларга кириб, шу йўналишда ижод қилган дунё киноижодкорлари билан боғлиқ маълумотларни ўргандим”-дейди ижодкор. Ва фикрида давом этар экан "Ўрганиш мобайнида шунга дуч келдимки, уларнинг аксариятида кино билан ҳаётнинг ўртасида фарқ қолмаган экан. Яъни мистика уларнинг шахсий ҳаётига ҳам кириб келган экан. Кимдир ақлини йўқотган, яна кимдир сирли тарзда вафот этган, яна қайсинисидир автоҳалокатга учраган ва ҳоказо. Аксарият ижодкорларнинг шахсий ҳаёти ва ижодини ўрганиб шунга амин бўлдимки, улар ёндош олам вакилларини фақат салбий образ сифатида гавдалантиришган экан. Мен эса бошқа йўлни танлаган эдим. Яъни уларнинг оламини англаш, тушуниш, уларда ҳам худди биз каби ҳис-туйғулар борлигини, баъзи бир салбий ҳатти-ҳаракатлари эса ўзларини ҳимоя қилиш, умумий айтганда, инстинкт таъсирида юз беришини кўрсатмоқчи бўлдим. Бундай ҳолда менга нисбатан улар томонидан ҳеч қандай норозилик бўлмаслигига умид қилган эдим...”

Бу мавзуда фильм ишламоқчи экани эшитган танишлари уни жиддий огоҳлантиришган. Ҳаттоки, ғоя билан танишиб, бош роллардан бирини ижро этишга рози бўлган актёр ва шифокор Доктор Д (Дилмурод Эргашев) ҳам ярим ҳазил, ярим чин қабилида: "Ишқилиб, ўзингни ҳаётинг кинога айланиб қолмасин-да”, дея огоҳлантирган. У эса буларнинг барини навбатдаги ҳазилга йўйиб қўя қолади ва ценарийёзишга киришади.

"Сценарий ёзаётган маҳалимда, ишхонамга бир киши келиб, "сиз билан ҳамкорлик қилсам”, дея таклиф киритиб қолди. Ташқи кўринишидан зиёли одамга ўхшамас эди. Қалб, кўнгил ҳақида чуқур фалсафий фикрлар билдирди. Тўсатдан суҳбат орасида мендан "Сиз бумеранг нималигини биласизми?” дея сўради. Мен буни мавзуга қандай алоқаси бор, дея ажабланган ҳолда, "ҳа” деб жавоб бердим. Шунда у "Сўз ҳам худди шунга ўхшайди. Агар мўлжалга аниқ тегмаса, қайтиб келиб ўзингизни жароҳатлайди” деди. Хайрлашаётган пайтда эса, "Хоҳлайсизми, сизга учишни ўргатаман” деб мени батдар ҳайратда қолдирди. Бу ҳақда ёши катталар билан маслаҳатлашганимда "Ана бошланибди. Бу дастлабки огоҳлантириш, ҳали ҳам кеч эмас, фикрингдан қайтиб қўя қол” дейишди. Мен эса қайсарлик қилиб астойидил ишимда давом этдим. Аввалига бироз ғалати воқелар юз бера бошлади. Масалан: компюьтерда сценарий ёзар эканман, кутилмаганда юзимга аллақаёқдан сув сачраб кетарди ёки тепадан турли ҳашаротлар бошимга тушарди, компюьтеримдаги сценарий ёзилган файллар ўз-ўзидан йўқолиб қоларди. Аммо, жиддий қаршиликлар ҳали олдинда эканидан бехабар эдим. Бирданига, бошимдан ғалати яра-чақалар чиқа бошлади. Даволанаман, барибир такрорланаверди. Ҳатто, шифокорлар ҳам бунинг сабабини топа олишмади. Аксига олиб, ҳудди шу кунлари тўсатдан фильмнинг ҳомийси, суратга олиши келишилган студия эгалари ҳам фикридан қайтиб қолса, денг. Қанчалик оғир бўлмасин, мақсадимдан қайтмасликка қарор қилган эдим. Бошимдаги яралар 3 яшар қизимнинг бошида ҳам худди мендаги каби чиқа бошлагач, чидолмадим. Ишонаверинг, ўша шу пайтда ўзимдан ўтганини ўзим биламан.

Уйда ёлғиз ўтирар эканман ўзимдан-ўзим ёндош олам вакилларига "Нега тушунмайсизлар, мен сизларни салбий холатда кўрсатмоқчи эмасман-ку, мен сизларни тушунишларини ҳоҳлаяпман”, деб беихтиёр гапириб юбордим. Шундан сўнг тўсатдан муоммолар бирин-кетин чекиниб, ўзим ва қизимнинг соғлигимиз яхшилана бошлади. Ишлар ҳам юришиб кетди. Ниҳоят съёмка жараёнларига киришдик. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Суратга олиш жараёнларининг иккинчи кунида бўғма илонлар билан тоғда олинадиган сахнадан чўчигандим. Чунки совуқ тушиб қолган, илонлар эса бундай ҳароратда кам ҳаракат бўлишади. Аммо ўша сахналар кутилмаганда, ўзим ўйлаганда-да, аъло даражада суратга олинди. Катта бўғма илон ҳудди инсон тилини тушунгандек, менинг кўрсатмаларимни бекаму кўст бажариб берди. Бутун ижодий гуруҳ ярим хазил аралаш "Актёр деган бунақа бўпти”, деб қойил қолди...”

АНОНС ЎРНИДА...

Эшитсангиз, жарённинг ўзи бир фильм эканига амин бўласиз. Энг муҳими эса ҳаммаси ортда қолди ва "Кўринмаслар” мистик драмаси тайёр бўлди.

Фильмда кўп ижодий янгиликлар бор: янги қиёфалар, таниш чеҳралар чеҳралар, ёш истеъдодлар, 30 га яқин ҳақиқий захарли кобра илонлари, кутилмаган бурилишлар, мураккаб ечимни талаб қиладиган сув тошқини, зилзила, сирли ёнғинлар каби хаяжонли сахналар томошабинни бефарқ қолдирмайди... Бир сўз билан айтганда, фильм ижодкорлари ўзбек киносида янгилик қилишга ҳаракат қилишган. Улар буни қанчалар уддалай олишди, бу ёғига вақт ҳоким. Энг муҳими, хаяжонли дақиқалар ҳали олдинда.

20 апрель соат 18.00 да "Киночилар уйида” янги фильм— "КЎРИНМАСЛАР”ни кўрамиз!

МУСЛИМ МИРЗАЖОНОВ

"Жинлар улар ҳақида фильм олинишига ҚАРШИ???”-

-Эшитишимизча, фильмда кўп ижодий янгиликлар бор экан...

А.Қўшматов: Ҳа, мақтанишга ҳали эрта-ку, лекин мухлисларни ишонтириб айта оламанки, бу фильмда мураккаб ечимни талаб қиладиган ноодатий сахналар томошабинни бефарқ қолдирмайди. Сир бўлса-да, баъзи бир маълумотларни айтаман: Фильмда 30 га яқин захарли кобра илонлар қатнашди. Қолаверса, унда сув тошқини, зилзила, сирли ёнғинлар ҳам учрайди. Бир сўз билан айтганда, ўзбек киносида янгилик қилишга ҳаракат қилдик. Буни қанчалар уддалай олдик, вақт кўрсатади.

PS: Режиссёрнинг сирли воқеалар билан боғлиқ гаплари сухбат чоғидаёқ кўз олдимда исботланди. Ажабланарлиси, жинлар қиёфасини компьютер графикасида яратаётган мутахассиснинг таййёр бўлган иши 10-бор ўз-ўзидан ўчиб кетиб, компьютери ишдан чиққани ҳақида телефонда Аҳрорбек Қўшматовга нолиб қолди. Ишқилиб, бу энг сўнгиси бўлсин. Ҳар тугул асосий воқеа—премьера олдинда...

Блиц маълумот: Аҳрорбек Қўшматов. Дебьютант режиссёр 1978 йил Сирдарё вилоятида туғилган. Дипломли режиссёр. У Тошкент давлат маданият институтининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. У мухлисларга "Чақмоқ” тахаллусидаги радиобошловчи сифатида танилган.

Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 216 | Добавил: gonch | Теги: “КЎРИНМАСЛАР”, КИНО?!, КУТИЛМАГАН | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: