Главная » 2012 » Ноябрь » 19 » “Олтин гепард” мухлисларни чорлайди
12:06
“Олтин гепард” мухлисларни чорлайди
30 сентябрдан 5 октябрга қадар пойтахтимизда Фонд Форум томонидан "Ўзбеккино” миллий агентлиги кўмаги остида ташкиллаштирилган Иккинчи "Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофоруми ўтказилади.
 
"Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми нуфузли халқаро ҳакамлар иштирокида танлов асосида ўтказилади. Тўлиқ метражли, қисқа метражли ва анимацион фильмлар танловга киритилган.
 
"Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми "ХХI аср тамаддунлари: маданиятлар мулоқоти” мавзусига бағишланган бўлиб, ушбу мавзу лойиҳанинг асосий ғоясини ифодалаб беради. Кинофорумнинг бу йилги шиори – "Яширин  уйғунлик ошкорасидан кучлироқ” деб танланди. Бу қадимги грек файласуфи Гераклит Эфесскийга тегишли фикр бўлиб, ташкилотчиларнинг айтишича, бу йилги "Олтин гепард” лойиҳасининг моҳиятини очиб беради. Яширин уйғунлик – ҳар қандай ҳодиса ва тушунчанинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Кинофорумда намойиш этиладиган муаллифлик киноси яширин уйғунликнинг бир намунасидир.
 
Нуфузли ва машҳур жаҳон кино арбоблари II "Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми ҳакамлар ҳайъати аъзолари орасидан ўрин олган, бўлиб улар: ҳакамлар ҳайъати раиси Ник Пауэлл – британиялик етакчи режиссер, Британия кино ва телевидение академияси директори, Европа киноакадемияси раиси ўринбосари; Томас Маух – таниқли немис оператори, режиссер ва ёзувчи, Берлин халқаро кинофестивалининг "Олтин айиқ” мукофоти ва бошқа халқаро совринлар соҳиби; А Ченг – таниқли хитой ёзувчиси, сценарийнавис, рассом, фотосураткаш, 62-Венециан кинофестивали ҳакамлари аъзоси; ФИПРЕССИ халқаро кино матбуоти федерацияси президенти, кино танқидчи Жан Руа, британиялик кино танқидчи Филипп Бергсон; кореялик кино танқидчиси Хонг Сан У, Москва халқаро кинофестивали-2012 ҳакамлари аъоси; Дэвид Корбетт – "Rubicon Entertainment” компанияси ижрочи директори, режиссер ва продюсер, айни дамда "Metro-Goldwyn-Mayer” компанияси учун "Пуштиранг пантерра” мультфильмининг янги қисмларини суратга олмоқда; россиялик режиссер-мультипликатор Олег Ужинов – Россиянинг машҳур "Қизалоқ ва Момиқ” мультфильм сериали режиссери. Мамлакатимиз вакилларидан: таниқли режиссер ва актер Рустам Саъдуллаев – тўлиқ метражли фильмлар танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси, режиссер Собир Назармуҳамедов – қисқа метражли фильмлар танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси, режиссер ва рассом Дмитрий Власов – анимацион фильмлар танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси.
 
"Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми мукофотлари қуйидаги номинациялар бўйича топширилади:
- "Энг яхши анимацион фильм учун”;
- "Энг яхши қисқа метражли фильм учун”;
- "Энг яхши эркак роли”;
- "Энг яхши аёл роли”;
- "Энг яхши режиссура”;
- "Энг яхши тўлиқ метражли фильм учун”.
 
Иккинчи Тошкент халқаро кинофоруми танловларида иштирок этиш учун Европа, Осиё, Африка, Шимолий ва Жанубий Американинг 45 дан зиёд мамлакатидан аризалар келиб тушди.
 
Тўлиқ метражли бадиий фильмлар танлови комиссияси томонидан 157 та, қисқа метражли фильмлар танлови бўйича 230 та ҳамда анимацион фильмлар танлови бўйича 86 та фильм кўриб чиқилди. Фильмларнинг умумий сони 473 та. Саралаш натижасида қуйидаги фильмлар танлаб олинди:
 
Тўлиқ метражли бадиий фильмлар:     
1. «Эшик» (Венгрия-Германия)
2. «Иоанна» (Польша)
3. «Уфқ» (Хитой)
4. «Қиз… Ота… Қиз»  (Эрон)
5. «Ишқивозлар»  (Испания)
6. «Ёзги ўйинлар» (Швейцария-Италия)
7. «Аве» (Болгария)
8. «Қиёмат дўкони» (Япония)  
9. «Мана, менга нима бўлаяпти?» (Россия) 
10. «Прага» (Ҳиндистон)
11. «Паризод» (Ўзбекистон)
12. «Немой дом» (Ўзбекистон)
 
Анимацион фильмлар:
1. «Қизил Қаламнинг табаррук ҳаёти» (Эрон)
2. «Dove sei, amor mio» (Хорватия)
3. «Оқ йўл» (Швейцария)
4. «Хурсанд Тони» (Чехия)
5. «Бувилар» (Буюк Британия)
6. «Фламинго фахри» (Германия)
7. «Нигоҳ» (Швейцария)
8. «Варшава геттосида 7 дақиқа» (Дания)
9. «Катаклизмос - Потоп» (Россия-Украина-Кипр)
10. «Интилиш» (Ўзбекистон)
 
Қисқа метражли фильмлар:
1. «Севимли буюм» (Польша)
2. «Маёқ» (Озарбойжон)
3. «Автобус» (Туркия)
4. «Кузнинг иссиқ кунлари» (Қирғизистон)
5. «Тимка» (Украина)
6. «Моҳир денгизчи» (Қозоғистон)
7. «Буларни ким ўйлаб топди» (Грузия)
8. «Муддатсиз» (Россия)
9. «Беш қисқа ҳодиса» (Эрон)
10. «Сандиқ» (Ўзбекистон)
11. «Ҳовуз» (Ўзбекистон)

Шунингдек, "Олтин гепард” ТХФК доирасида танловдан ташқари дастур тақдим этилади:
- "Замонавий ўзбек киноси панорамаси” дастури»;
- Программа «Франциялик таниқли режиссер Жак Тати фильмлари ретроспективаси»;
-"Томошабин билан юзма-юз” дастури (нодавлат студияларда суратга олинган фильмлар миллий фестивали)
 
Бундан ташқари, Тошкент халқаро кинофорумининг фахрий меҳмонлари бўлган кинематограф усталари билан учрашув ва маҳорат дарслари, ФИПРЕССИ халқаро кино матбуоти федерацияси президенти Жан Руа билан брифинг-мулоқот ҳамда кинофорум иштирокчилари билан матбуот анжуманлари дастурдан ўрин олган. 3 октябрь куни соат 10:00 да "Марказий” анжуманлар залида ўтказиладиган "Замонавий кино: макон, замон, кўнгил” халқаро анжумани кинофорумнинг муҳим тадбирларидан бирига айланиши кутилмоқда. Шунингдек, "Олтин гепард” ТХКФ доирасида Россиянинг "Кафилланган эркак” ва "Беш юлдуз” фильмлари ҳама Япониянинг "Қон ва суяклар”, Исроилнинг "Йонатан операцияси”, "Никоҳ шартномаси” фильмлари гала-намойишлари бўлиб ўтади.
 
Танловга киритилан намойишлар Ёшлар ижод саройида, "Premier-Hall” кинотеатрида ва City Makon маданий-маърифий кўнгилочар марказида, танловдан ташқари намойишлар Алишер Навоий номидаги санъат саройида, маҳорат дарслари Маданият ва санъат институти биносида бўлиб ўтади.
 
Очилиш – 30 сентябрь 2012, 18.00, City Makon маданий-маърифий кўнгилочар маркази
Ёпилиш – 5 октябрь 2012, 19.00, "Туркистон” саройи
Просмотров: 414 | Добавил: gonch | Теги: чорлайди, мухлисларни, гепард”, “Олтин | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: