Главная » 2013 » Апрель » 22 » Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич ёхуд ёмғирдан қочиб дўлга тутилган "бирровчи"лар
17:28
Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич ёхуд ёмғирдан қочиб дўлга тутилган "бирровчи"лар
Азиз ўқувчим, орадан яна бир неча ҳафта ўтиб, сизлар билан яна тўйларда бўлаётган ажиб воқеаларни бўлишгимиз келди. Энг қизиғи "Фоторейд” саҳифаси чоп этила бошланганидан кейин тўйлардаги "бирровчи” санъаткорларимиз, ўртакашларимизнинг анча ўзгарганларига гувоҳ бўлдик. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек ҳали ҳам "фалон” минг сўмга хизматга бориб, халқнинг "атагани”ни оқламаётганлар ҳам учраб турибди. Мухтасар қилиб айтганда, ҳар биримиз тўй-ҳашамларда бундай воқеаларга гувоҳ бўлиб, бош чайқаб қўйганмиз. Шу сабаб ҳам "обективимиз” бундай ҳолатларни четлаб ўта олмади... 

"AKFA”ЧИЛАР ҲЕЧ НАРСА ЙЎҚОТИШМАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2012 йил 18 апрелдаги  "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида келтирилган тавсияларга кўра эндиликда тўйларимизда фақат битта санъаткор навбатчи сифатида иштирок этиб, базм давомида "бирров”чилар бўлмаслиги керак, деб белгиланган эди. Бироқ пойтахтдаги тўйларда бу анъана ҳалигача барҳам топмапти. Шу ўринда "Akfa media” продюсерлик марказининг 5 нафар хонандаси Сирожиддин, Умидахон, Рухшона, Хурдона ҳамда Шаҳзодларга эътиборимизни қаратсак. Ёдингизда бўлса, газетамизнинг ўтган сонларидаги "Фоторейд” саҳифасида уларнинг номларини ҳам зикр этиб ўтиб, тўйларни театрлаштирилган тарзда олиб бораётганликлари ҳақида айтиб ўтгандик. Шундан кейин уларни бир неча бор тўйларда навбатчи сифатида иштирок этаётганликларига гувоҳ бўлдик. Гапнинг идаллосини айтганда, агар юқоридаги қарор кучга кирса ҳам "Akfa”чилар ҳеч нарса йўқотишмайди. Боиси "дежур”га ҳам бир варакайига 5 киши бўлиб чиқаверишади. 

ОЙБЕКНИНГ ДАСТИДАН РОКСАНАГА НАВБАТ ТЕГМАДИ

Шу ўринда бошловчиларнинг тўйлардаги хизматларига яна бир бор тўхталсак. Ўзимиз ташриф буюрган кўпгина тўйларда ТВМ телеканали бошловчиси Ойбек Рихсибековни учратдик. Яна бир тўйда эса унга шерик бўлиб ТВМниннг собиқ бошловчиси Роксана даврани олиб борди. Очиғини айтадиган бўлсак Ойбек Рихсибековга умуман шерикнинг кераги йўқ экан (!) У шунчалар тинимсиз ва кўп гапирардики, Роксанага навбат ҳам тегмади. Бироқ Рихсибековнинг талаффузини ҳамда гап-сўзини бенуқсон деб бўлмасди. Гапимизни исботлаб ўтмасак, Ойбекнинг жаҳли чиқиб, пешонасига ажин тушиши турган гап. Рихсибеков хонанда Зиёдани таништираётган чоғида "Давлат ниҳол мукофоти совриндори Зиёда” деб жумлани хато тузди. Аслида эса "Ниҳол мукофоти совриндори Зиёда” бўлиши керак эди. 

·        Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари Ботир Муҳаммаджонов ҳамда Маҳфуза Боботиллаеванинг тўйларда бошловчилик қилишини умуман хаёлимизга ҳам келтирмагандик. Аммо тўйда юрсанг, турли-туман янгиликларга гувоҳ бўлавераркансан. Хуллас, к уларнинг фаолиятини ҳам зимдан кузатишга эришдик. Уларнинг даврани олиб боришлари бироз зерикарли бўлсада, айтарли камчиликни топа олмадик. 

ШАҲЗОДА ВА ЗИЁДА АТЛАСНИ ТАРҒИБ ҚИЛЯППТИ

Пойтахт кўчаларида чорраҳада тўхтаб турган машинанинг ичида Шаҳзодани кўриб қолдик. Дарҳол ўша машинанинг кетидан тушиб, у йўналган манзилга равона бўлдик. Қарангки, Шаҳзода ҳам халқ хизматига отланган экан.  Билишимизча, у баъзи хонандаларга ўхшаб тўйхонага барвақт келиб ўз навбатини кутмас экан. Аксинча ундан аввал хонанданинг маъмури етиб келади ва навбат олингач, Шаҳзода тўйхонага киради. Шу ўринда хонанданинг одамлар билан муносабатини алоҳида эътироф этиб ўтиш керак. У ҳар бир мухлиси билан ўта самимий муносабатда бўларди. Адрасдан тикилган миллий либоси эса жуда ярашиб турибди. Хонанда ўзига берилган вақт давомида 5 та қўшиқ ижро этди. Меҳмонлар эса унинг биринчи қўшиғиданоқ рақсга тушишди. Дарвоқе, Шаҳзода "хизмат” давомида рус тилида ҳам куйласа керак деб ўйлагандик... 

Шу дамда навбат хонанда Зиёдага берилди. Аёл хонандаларимиз ўртасида атлас ва адрас урфга кирган кўринади. Зиёда ҳам тўйга узун атлас кўйлакда кириб келди. У ҳам ижро давомида 5 қўшиқ айтди. Бироқ охирги қўшиғини таҳсинга лойиқ деб бўлмайди. Бу қўшиқ хорижий қўшиқларнинг термаси бўлиб, тўйхонадаги ёши катталарнинг ғашига тегди.

КЎЗНИ ШАМҒАЛАТ  ҚИЛИБ ҒОЙИБ БЎЛАДИ...

Улуғбек Раҳматуллаев ҳам шу кунларда ошиғи олчи "бирровчи”лардан бўлиб қолган. Уни деярли ҳар куни кечки соат 19:00 дан 23:00 гача шошиб юрганини кўришингиз мумкин. Хонанданинг маъмури эса ўзининг укаси экан. Хуллас, Улуғбекнинг мухлислар, тўй ээгалари билан муомиласи бизни унчалик ҳам қониқтирмади. Кийган кийимини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Биз иштирок этаётган тўйларга яшил шим ва оқ футболкада кириб келган ягона хонанда Раҳматуллаев бўлди(!) Наҳот халқ хизматларига классик услубда кийиниб бориш қийин бўлса?! Хуллас, Улуғбек Раҳматуллаев ҳам 5 та қўшиқ ижро этди. Қўшиқлар кетма-кетлигини "Лайлойимсан”дан бошлади. Ҳа, айтганча, Улуғбек ҳали қўшиғининг мусиқаси тугамасиданоқ кўзни шамғалат қилиб тўйхонадан ғойиб бўларкан. Қизиқ?!

·        Хонанда Дилсўзга қойил қолдик. Ўтган галдаги танқидимиз унга ижобий таъсир қилибди. Энди у тўйларда қўшиқ айтишни "Бегим”дан бошлаяпти. Бунинг устига либоси ва соч турмагида ҳам сезиларли ўзгариш бор. 

Маъмурлар

Шу ўринда хонандаларнинг маъмурлари ҳақида маълумот бериб ўтсак. Улар хонандаларнинг бўш вақтига қараб, тўйларнинг нарх-навосини, вақтини белгилашади. Тўй эгаси хонанданинг хизмат хақини маъмурга бермагунча, хонанда тўйхонага кириб ашуласини бошламас экан. Баъзи санъаткорларимизнинг маъмурлари эса бир эмас иккитадан. Бунинг сабабини билишга ҳаракат қилиб кўрдик. Маълум бўлишича, хонанда бир тўйда қўшиқ куйлаётган вақтда унинг иккинчи маъмури бошқа тўйга бориб унга навбат олиб туради. Бу хонандаларнинг вақтини анча тежаркан. 

ФОТОРЕЙДДАН ҲАЙИҚИБ ҚОЛГАН ПАРОДИЯЧИ

Маълумки, уч-тўрт йилдан буён тўйларга пародиячилар ҳам таклиф қилинаяпти. Шерзод Боймуродов ҳамда Шерзод Бин бугун бозори чаққон пародиячилардан ҳисобланишади. Уларнинг тўйлардаги хизматлари назаримиздан четда қолиб кетса, биздан ўпкалаб юришмасин деган мақсадда пародиячиларнинг чиқишларини ҳам фотоапаратимиз хотирасига муҳрладик. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак. Шерзод Биннинг қайси тўйхонада "бирров”и борлигини билишга жуда қийналдик. Пародиячи ўтган сафарги фоторейдларимиздан ҳайиқиб қолган чоғи ҳатто энг яқин танишларидан ҳам қайси тўйхонага хизматга кетаётганини сир тутди. Кошки эди бунинг фойдаси бўлса. Барибир билиб олдик. "Ошингингиз ҳалол бўлса, кўчада ичинг-да, Бин жаноблари”. Унинг чиқишини ҳам кузатишга муваффақ бўлдик. Пародиячи ўз ишини бошлашдан олдин келин-куёвни табриклар экан "мен хонанда эмасман, лекин хонандалар учун анча-а, "опасний” одамман” деган гапни айтиб ўтди. Унинг кўрсатадиган "каромат”идан деярли бохабар бўлганимиз учун бу гапдан унчалик  ажабланмадик. Пародиячи ўзига берилган вақт давомида Жаҳонгир Позилжонов, Фарруҳ Зокиров, Озодбек Назарбеков, Шохруҳхон, Ғиёс Бойтоев, Асилбек Негматов, Улуғбек Раҳматуллаев каби хонандаларимизни пародия қилишга урунди.  Негадир унинг репертуаридан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева тушиб қолибди. 

Дарвоқе, Асалхўжаеванинг ўзи Шерзод Бинни бир тўйда унинг қўшиғини айтиб ҳаракатларини ўхшатмоқчи бўлаётганида кўриб қолиб, қўлидан микрафонни тортиб олиб, ҳайдаб чиқарганди-ку!

·        Ва ниҳоят навбат Шохруҳхонга тегди. Бундан бир неча йил илгари бир қизиқчимиз "Бизнинг аёлларга хонанда нима деб куйлаётганининг фарқи йўқ. Мусиқага ошно бўлиб ўйнайверади” деганди. Шохруҳхоннинг тўйда куйлаётган "90/60/90” номли қўшиғини тинглаб, унга хиром айлаётган меҳмонларни кўриб юқоридаги сўзлар хаёлимдан ўтди. Хонанданинг кийган либосига келсак, уни намуна қилиб кўрсатиб бўлмаса-да, Улуғбек Раҳматуллаевникидан яхшироқлигини айтиб ўтиш керак. Бироқ Шохруҳхон тўйларга соқолини олиб борса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Маслаҳат

Тўйга бирор хонандани чақирмоқчи бўлсангиз, ўртага бошқа хонанда ёки бегоналарни аралаштиришга шошилманг. Чунки санъаткорлар орасида шундай одат бор: ким бировга тўй буюртмасини топиб берса, демак ўша санъаткор буюртма топиб берган кишига ҳам келишилган маблағдан пул ажратиши лозим. Даллол кўпайгани сари, тўйга бориш нархи ҳам ошади. Шу сабабдан, иложи борича тўйни хонанданинг ўзи ёки унинг маъмури билан келишганингиз маъқул. 

 

      Яқинда бир таниқли хонанда таҳририятга қўнғироқ қилиб, тўйларда чўчиб қўшиқ куйлаётганини, рейдга тушиб қоламайин, деб ҳар қадамда хавотирланаётганини айтди. Шу билан бирга "тўйларда учратиб қолсангизлар ҳам фоторейд саҳифасига чиқарманглар” деб илтимос қилди. Афсус, қани энди бунинг уддасидан чиқолсак. Тўйнинг ортидан нон топиб, ном қозонишга эришяпсизми, буни оқлаш ҳам керак-да. Юқоридаги қўнғироқ эгасининг исмини ҳозирча сир тутишга аҳд қилдик. Сабаби тўйларда унга дуч келганимиз йўқ. Балки келгуси сонларда уни ҳам чиқарармиз. Ўшанда  бу санъаткор кимлигини ўзингиз билиб  оласиз. 

 

Кўринмас МУХБИР тайёрлади

 Фотомухбир: Равшан
Манба: darakchi.uz
Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 394 | Добавил: gonch | Теги: қочиб, ёмғирдан, ич, кўчада, ҳалол, Ошинг, бўлса, тутилган, дўлга, ёхуд | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: