Главная » 2013 » Апрель » 22 » ТОТЛИСАС ИККИ ДУНЁ ОРАСИДА...МИ?
21:42
ТОТЛИСАС ИККИ ДУНЁ ОРАСИДА...МИ?


Истанбулда отиб кетилган Туркиянинг энг машҳур қўшиқчиси Иброҳим Тотлисаснинг айни дамда ўлим билан олишаётгани ҳақида хабарлар бор. У ўзининг машҳур "Ибо" шоуси ёзиладиган телестудия олдида номаълум шахсларнинг ҳужумига учраган. Туркия Cоғлиқни сақлаш вазири Ражаб Оқдоғ Иброҳим Тотлисас бошидан отилгани ва тунда жарроҳлик амалиёти ўтказилгани, аммо ҳануз оғир аҳволда эканини билдирган. Туркиянинг жануби шарқида, камбағал оилада вояга етган Тотлисас эришган машҳурлик ва бойлик ҳамманинг қойил қолдирган. Жуда кўп филмларда суратга тушган Иброҳим Тотлисас ўзининг "Ибо Шоу" кўнгилочар дастури билан минглаб мухлислар орттирди. Тотлисасга ҳужум у ўзининг навбатдаги шоусини ёзиб бўлганидан кўп ўтмай, юз берган. Истанбул шаҳар ҳокимининг билдиришича, Тотлисас телестудияси олдида икки номаълум шахс бўлган машина томонидан таъқиб қилинган. Унга нисбатан суиқасдда "Калашников" русумидаги қуролдан 11 маротаба ўқ узилган. Ўқлардан баъзилари хонанданинг боши ва юзига теккан. Ушбу ваҳший жараён давомида Тотлисанинг ёрдамчиси Букет Чакижи ҳам яраланган. Иккаласида ҳам шифохонада жарроҳлик амалияти ўтказилган. Букет хоним ўрта жароҳат олган, бироқ, Тотлисас ҳануз оғир аҳволда эканини бош шифокор маълум қилди. Унинг айтишича, хонанда танасининг ярми шу соатлар давомида аллақачон фалажга келган бўлиши ҳам мумкин. Яна маълумотларга қараганда, Туркия Бош вазири юлдузнинг аҳволидан қаттиқ хавотирда бўлиб, барча тиббий муолажалар ўз вақтида қилинишини қаттиқ назоратга олишларини буйруқ берган. 59 ёшли қўшиқчи уришқоқ характери билан ҳам жуда машҳур бўлиб, бундан олдин икки маротаба жонига суиқасд қилинган: худди шу тарзда отиб кетилган! 

Эслатиб ўтамиз, Иброҳим Тотлисас ўтган йили юртимизда яккахон концерти билан "Истиқлол” саройида концерт берганди. Концерт олдидан интервью қилар эканмиз, унинг бир пайтнинг ўзида ўзига ишончи кучлилиги ҳамда кўнглибўшлигига амин бўлганмиз. Ҳатто, у бир саволимиздан кейин кўз ёш ҳам тўкиб олганди. Бу қанчалик оламшумул ҳодиса бўлмасин, шу қадар ғалати ҳам эди. Биз бу ҳолни "қизил қор ёққани”га қиёсласак, аслида, йиғлаш Тотлисаснинг одамларни ўзига жалб қилиш услубига айланиб улгурган экан. Нима бўлганда ҳам, суратга тушиш ва танишиш илинжида ўтирган бир гуруҳ санъаткорлар кумирининг кўз ёшларини кўриб ҳайратда қолди! Видеотасмаларни томоша қилган бўлсангиз, концерт залининг ярми, ўзбек шоу оламининг деярли ярим ижодкорлари билан тўлди. Феруза Жуманиёзовадан Шерали Жўраевгача! Бироқ, энг катта "очко”ни Озодбек Назарбеков олганди...Тотлисас таъкидлагани каби "кучук бўлсада бахмалдек овози” билан! Даврон Соипов (концерт ташкилотчиси) билан боғланганимизда, у 2011 йил май ойида ҳам Иброҳим Тотлисаснинг яккахон концертини режалаштирганини, бу воқеани эшитиб эса қаттиқ қайғуда эканлигини билдирди. Кўплаб санъткорларимиз эса кумирларига шифо тилашяпти. Тотлисаснинг тезроқ соғайиб кетишига биз ҳам тилакдошмиз!

JASUR HAMROYEV


ЎЗБЕК ЮЛДУЗЛАРИ УНГА ШИФО ТИЛАЯПТИ!

***
ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ: "МЕН ШОКДАМАН! БУ ЎҚ КЎПЛАБ САНЪАТКОРЛАРГА УЗИЛГАН ЎҚДИР! БУ ХУДКУШЛИКДАН ҲАММА ХУЛОСА ЧИҚАРИШИ КЕРАК!"
***
ДАВРОН СОИПОВ: "ШУ ЙИЛНИНГ МАЙ ОЙИДА УНИНГ КОНЦЕРТИНИ ЯНА БИР БОР РЕЖАЛАШТИРГАН ЭДИК. ҲОЗИРГИНА ЁРДАМЧИСИ БИЛАН БОҒЛАНДИМ..."
***
ОТАБЕК МУҲАММАДЗОҲИД: "ҲАЁТИМДА ЭШИТГАН ЭНГ ОҒИР ХАБАРЛАРНИНГ БИРИ БУ. УСТА ТЕЗРОҚ ҲУШИГА КЕЛСИН!"

Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 212 | Добавил: gonch | Теги: Икки, ДУНЁ, ОРАСИДА...МИ?, ТОТЛИСАС | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: