Главная » 2013 » Апрель » 22 » УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ ҚЎШИМЧА БИЗНЕСЛАРИ
20:36
УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ ҚЎШИМЧА БИЗНЕСЛАРИ

Улуғбек Раҳматуллаев санъат
майдонига бирданига ўт бўлиб кириб келди. Шунингдек, бу ўт замонавий эстрада
санъатида ҳалигача ўша жўшқинлик  ва
шижоат билан ёниб турибди. Ҳеч кимникига ўхшамаган ўзига хос замонавий эстрада
йўналиши, ҳамда овоз соҳиби хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг ҳар бир саволларга
аниқ ва мулоҳаза билан эринмасдан жавоб бериши бизда илиқ таассурот уйғотди.     



—    
Эшитишимизча, янги альбомдан сўнг яна концерт дастури уюштиришни
мўлжаллаётган экансиз?



—    
Янги қўшиқларим телеэкранлар орақли клиплари
айланяпти. Бундан ташқари ҳозирги кунда яна тўртта янги қўшиқларим тайёр. Номларини
айтмайман. Сабаби, янги альбомимга ҳаракат қиляпман. Янги альбомдан сўнг насиб
этса, йил охирига бориб яккахон концерт дастуримни уюштирмоқчиман. Альбомни эҳтимол
"Кўзларингга қараб”  дея номласак керак.



—    
Яқин орагача сизга кинода суратга тушишга таклиф қилишган экан. Нега
рози бўлмадингиз?



—    
Сабаби режиссёрлар таклиф қилаётган сценарийлар менга
умуман ёқмади. Чунки улар менга  салбий
ролларни ўйнашга таклиф қилишди.



—    
Салбий ролми, ижобий ролми, бунинг нима фарқи бор? Муҳими, актёрлик
қиррангизнинг очилиши эмасми?  Ёки салбий
ролларни ўйнасам, мухлисларим ёмон кўриб қолишади, деб ўйлайсизми?



—    
Мухлисларимнинг ёмон кўриб қолишидан қўрқмайман. Шунчаки
мен ўзим болалигимдан салбий қаҳрамонларни ёмон кўраман (жилмайиб). Менга
комедияли, ёки романтик, севишиб қолган, ғурурли эркак ролларини таклиф қилишса
ўйнашим мумкин.



—    
Улуғбек ака, сизнинг ижодингизга бўлган шижоатингиз ҳар доим ҳам
мақсадингизга мос йўлда сарфланяпти,  деб
ўйлайсизми?



—    
Албатта, худога шукур. Бу шижоатим, жўшқинлигим йилга-йилга
ортаётган бўлса борки, пайсайгани йўқ.  Лк
санъатга кириб келган пайтларимга қараганда бугун ижодимда албатта, силжиш
бор.  Шунинг учун охирги пайтда қилаётган
ишларим, ижод йўлим  албатта, тўғри
мақсадда сарфланяпти деб ўйлайман. Бунга қиёс, охирги куйлаган қўшиқларим, клипларим,
концертлар, альбомлар.



—    
 Демак ўз ижодингиздан кўнглингиз тўляпти,
шундайми?



—    
Ҳа, албатта.



—    
Биласизми, ижодкорнинг  ўз
ижодидан кўнгли тўлиши мумкинмас. Сабаби, у бир нуқтада қотиб қолиши мумкин...



—    
Йўқ, мен ижодимимдан кўнглим тўлди, бўлди. Зўр ижод
қилиб қўйдим,  демоқчимасман.
Айтмоқчиманки,  шу қилаётган югур-
югурларим худога шукур ўз самарасини беряпти. Ўн йил олдин қанақа бўлган бўлса
аввалгидан ўзгаришлар борлиги аҳамиятли. Ижобий томонга силжиш бўлганидан
кўнглим тўлди демоқчиман. Албатта, санъаткор сифатида  юз фоиз айтган қўшиқларимдан ўзимнинг кўнглим тўлмайди.
Барибир кўнглимдаги қўшиғимни айта олмагандек юравераман.



—    
Сизни муҳокама қилишса, дарров қизишиб кетсангиз керак-а?



—    
Агар муҳокама қилаётган одамнинг гап-сўзлари қайсидир
маънода муҳокамачилик қилиш даражасига ҳақиқатан хос бўлса, фикрлаш доираси
кенг бўлса, тўғри гапни гапираётган бўлса, албатта, мен тўғри қабул қиламан.
Биласизми, сиз журналистларда сал бошқача тушунча бор-да. Танқид қиляпмиз
дейишадида, аслида у танқид инсонни яхшилаш учун эмас, инсонни уялтириш учун
қилинадиган танқид бўлади. Сабаби,  инсон
танқид қиладиган бўлса, ҳечқачон оммани олдида ёзмайди бу нарсани ошкора қилиб.
Тўғри бориб юзига айтади. Ана шунда бу  яхши танқид бўлади.  Масалан, оммани олдига ошкора қилиб
айтиладиган танқидларни мен сариқ чақага ҳам олмайман. Танқид қилинаётган ҳар
бир санъаткорни ўзига бориб айтавериш керак, шартми халққа ошкора қилиб айтиш?



—    
Сабаби, санъаткор чин маънода халққа ибрат бўладиган соҳа вакилими,
халқ орасидан уларга тақлид қиладиганлар кўплаб топилади. Санъаткорни оммага
ошкора қилиб танқид қилишдан мақсад халққа санъаткорнинг айни дамда тутган
нотўғри йўлига эргашмасликларини уқтиришдир. 
Жаҳлингиз тез чиқаркан-а?



—    
 Йўқ, нега?  Шунчаки фикримни асослаяпман халос. Мени
жаҳлдор деса бўлармикан? Лекин жаҳлим тез чиқади. Шунинг учун жаҳлимни бузиш мумкинмас.



—    
Шундай пайтда ўзингизни қўлга олишга қандай эришасиз?



—    
Ўша пайтда ё кетиб қоламан ўша жойдан, ё бўлмаса бориб
овқат ейман.



—    
Овқат  есангиз жаҳлингиз
босиладими?



—    
Ҳа (Жилмайиб).



—    
Тўғри, бу усул психологлар томонидан ҳам исботланган. Турмуш ўртоғингиз
билан севишиб турмуш қурганмисизлар?



—    
Ота онам топиб, кўрсатганлар, менга маъқул келган. Улар
шу қизга уйлан, худо хоҳласа бахтли бўласан ўғлим дейишган. Шундан кейин
уларнинг масалаҳитга кўниб, мана турмуш қурдим. Ва, тўйдан кейин севиб
қолганман рафиқамни (жилмайиб).



—    
Яхши. Санъатдан ташқари ўзингизнинг кичик бизнесларингиз бор деб
эшитдик...



—    
Чет элларга саёҳатга юбориладиган фирмамиз бор. Бундан
ташқари яна шунга ўхшаган кичик-кичик даромадли нуқталаримиз бор.  Бир оздан сўнг Худо хоҳласа яна бир ресторан
очиш ниятим ҳам йўқ эмас.



—    
Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз, сизни бундай пайтларда қаерларда
учратиш мумкин?



—    
Иложи бўлса бўш вақтимда тўйиб ухлайман. Яхши
фильмлар томоша қилиб дам оламан.



—    
Ҳаётингизда чуқур из қолдирган инсон борми, ким?



—    
Бор, бир инсон. Кимлигини айтмайман. У мани ҳаётимда
шунақа чуқур из қолдирганки,  шундан
кейин бир сўзга нисбатан ҳурматим қолмаган. Одамлар орасида бир қадрли сўз кўп
ишлатилади, қадрланади. Бу қанақа сўзлигини ҳам айтмайман, сир бўлақолсин.



—    
Охирги пайтда ҳеч теваракка боқиб бирор нарса юзасидан шахсан ўзингиз амин
бўлиб хулоса чиқардингизми. Ўша сиз амин бўлган ҳақиқат нима?



—    
.... (ўйланиб)...   Атрофингиздаги яхши одамлардан иложи
борича қанчалик ибрат олиб яшасангиз шунчалик ўз самарасини бераркан. Бу  ҳатто Аллоҳ томонидан ҳам исботлаб бериларкан.
Юзингизни ёруғ қилавераркан яратганнинг ўзи ҳаётда қилаётган ишларингизга қараб.



—    
Тўйларда бошқа санъаткорларга нисбатан кам кўринасиз. Сабаби
қўшиқларингизнинг тўйбоп эмаслигими?



—    
Йўғ-е нега, мен тўйга жуда ҳам кўп борадиган хонандалар
қаторига кираман. Менинг вақтим олдиндан белгиланиб қўйилганим учун, кейин тўйларда
доим олдиндан таклиф қилинганим  учун ҳам
мени кам кўрган бўлишингиз мумкин. Қолаверса, мен тирикчилик экан деб ҳамма
ёққа ҳам боравермайман. (Ўйланиб, сўнг жилмайиб) Тўй билан боғлиқ бир қизиқарли
воқеа эсимга тушиб қолди. Айтаверайми?



—    
Албатта, бемалол.                    



—    
Бир тўйда ашула айтяпман. Мезбон санъаткорларнинг
саҳнасини шунақа дид билан безатиб қўйганки, кўриб тан бермай иложингиз йўқ.
Ҳамма нарса бор. Калонкалар, мониторлар иккита-учталаб қўйилган. Ернинг остидан
тутунлар чиқиб келадиган қилинган.  Шу
пайт бир ҳодиса юз бердики, ҳеч эсимдан чиқмайди.  Қўшиқ куйлаётганимда менга пул қистириб
кетаётганлар ердан тошиб чиқаётган тутун туфайли бир бирини кўрмай мониторга тўқнашиб,
бир бирининг устига гуппа-гуппа думалашяпти-да (кулиб).  Мен эса ўша пайтда уларни кўриб ёрдам
беролмаётганимдан ҳижолат бўлдим ва кейин ёрдамчиларимдан бири мониторни олиб
ташлади ўша жойдан.



—    
Бугунги кунгача анча-мунча йўл босиб ўтдингиз. Ортга қараганингизда нималарни
кўрасиз?



—    
(ўйланиб)...   Бекор ўтган вақтларимга. Ўртоқларим билан кўп
бирга бўламан. Улар билан ўтказган айрим бекор вақтларимга ачинаман. Ҳар доим
ҳам энди фойдали иш билан шуғулланмаганману улар билан. Баъзида шунчаки бекорчи
суҳбатлар дегандек...  Агар ўша
вақтларимни ҳам санъатимга бағишлаганимда, балки кўпроқ натижага эришган
бўлармидим деб ўйланиб қоламан. Лекин бу билан ўзимни сиқиб қўймайман.



—    
Суҳбат якунида мухлисларингизга тилакларингиз?



—    
Биз санъаткорлар мухлислар учун куйлаймиз.  Бизнинг санъат осмонида порлашимиз ижодий
намуналаримизнинг улар томонидан қай даражада кутиб олинишига ва олқишларига
боғлиқ. Мухлисларимиз ҳамиша бахтимизга соғ саломат бўлишсин.



 



                                                                           
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА

Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 224 | Добавил: gonch | Теги: БИЗНЕСЛАРИ, Улуғбек, Раҳматуллаев, ҚЎШИМЧА | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: