Главная » 2013 » Апрель » 22 » Ўзбек рэпперлари учун "цензура кенгаши" ташкил этилди
21:41
Ўзбек рэпперлари учун "цензура кенгаши" ташкил этилди

Ўзбекистонда рэпперлар кенгаши тузилди. Эндиликда ўзбек рэпперлари ўз репертуаридан сўкиниш, ҳақорат, камситиш оҳангидаги барча сўзларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига она юрт, гўзаллик, меҳр-оқибат, садоқат, севги, ота-она каби мавзуларда қўшиқлар яратиш талаб қилинмоқда.

Ўзбекистонда рэп йўналиши ижодкорларининг Кенгаши тузилиб, Терра радио бош редактори Руслан Салиев – Mr.Slan ва хононда Шаҳриёр Аргонов – Shahrik мазкур кенгаш лидерлари этиб сайланди.

Улар зиммасига рэп йўналишида ижод қилувчи хонандаларнинг тўлиқ рўйхатини тайёрлаш, маълумотлар базасини шакллантириш, хонандаларни ҳар ойда бир марта йиғиб, ўзаро муҳокамалар, давра суҳбатлари ўтказиб бориш, хонандаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилди.

Бу ҳақда хабар тарқатган "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси расмий сайтига кўра, эндиликда рэп услубида яратилаётган қўшиқларни халқчил, жамият манфаатларига мос ва ўзбекона рухда яратиб, ўзбек қадриятларига тўғри келмайдиган қўшиқларни ижро этмаслик зарурлиги талаб қилинмоқда.

Ўзбек рэпперларининг сўкиниш, ҳақорат, камситиш оҳангидаги барча қўшиқларини репертуардан чиқариб ташлаб, уларнинг ўрнига ватан ҳақида, истиқлол ҳақида, Ўзбекистоннинг табиати, экологияси ҳақида, тинчлик ва осойишталик, яхшилик ва инсонийлик ҳақида куйлаш талаб қилинади.

Феврал ойи охирида Ўзбекистон телевидениеси "Ëшлар” телеканалида берилган "Оҳанг ва офат” номли ҳужжатли дастурда рок-н-ролл ва рэп мусиқаларини "қора кучлар томонидан яратилган шайтоний мусиқа”, деб қораланган эди.

"Оҳанг ва офат” дастури муаллифлари фикрича, "рок мусиқаси Африканинг ов расм-русмларидан келиб чиққан”, рэп мусиқасини эса "қамоқхонадаги маҳбуслар яратган.”

Дастурда "Ғарбнинг рок ва рэп мусиқасининг зарарли таъсири ва унинг ўзбек ёшлари бошига қора булут янглиғ яқинлашаётгани хусусида ташвиш билдирилган эди.

Категория: ШОУ-Бизнес | Просмотров: 214 | Добавил: gonch | Теги: рэпперлари, этилди, Ўзбек, кенгаши", ташкил, "цензура, учун | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: