Главная » 2012 » Ноябрь » 19 » Жазирама беаёв бўлганида...
15:07
Жазирама беаёв бўлганида...
Қишда айниқса соғиниб, узоқ кутганингиз – ёз кириб келиши билан, салқинни қўмсаб қолган бўлсангиз ажабмас. Ҳақиқий жазирама ҳали олдинда бўлса-да, аллақачон кўпчилигимиз иссиқдан қийналиб, ундан сақланиш йўлларини қидириб қолганмиз. Ёз кунларида соғлиғимизга путур етказмасдан, жазирама қаҳрини юмшатиш учун мутахассислар ҳамда юртдошларимиз маслаҳат беради.CUT$
 
Чўллаб қолманг
Жазирамадан энг яхши ҳимоя сув эканини айтсак, Американи кашф қилган бўлмаймиз, албатта. Бироқ мутахассислар билан суҳбатда бўлганимизда унинг шундай хусусиятлари бор эканини англадикки, кўпчилик бу ҳақда билмаса керак, деган хулосага келдик.
 
– Танада сув мувозанатини сақлаш жуда муҳим, – дейди Феруза Нуриева. – Маълумки, танамизнинг 80 фоизи, жумладан, қонимизнинг 92 фоизи сувдан иборат. Авваламбор билишимиз керак бўлган нарса, кунига одамлар ўртача 320 мл сув йўқотади. Унинг 30-40 фоизи теридан, қолгани нафас олишда ва пешоб орқали танамиздан чиқиб кетади. Бу ўртача фаол, ўртача даражадаги иссиқ жойда яшовчи одамларга тегишли гап. Фаолроқ кишилар кўпроқ, кунини иш курсисида ўтказувчи ёки шунчаки иши ва ҳаёти кўп фаолликни талаб қилмайдиганлар эса камроқ сувга эҳтиёж сезадилар.
 
Киши кунига ўртача 2 литр сув ичиб туриши керак. Бироқ бу ҳам аниқ меъёр эмас. Чунки одамлар фарқли шароитда яшашади. Юртдошларимизга келадиган бўлсак, кунига 4 литргача сув ичишлари керак. Бироқ шундай ҳоллар бўладики, сувнинг кўп ичилмагани маъқул. Бу авваламбор буйрак ҳамда юрак қон-томир хасталиклари билан боғлиқ.
 
Шунга ҳам эътиборингизни қаратмоқчимизки, сув газсиз бўлгани ва унча совуқ бўлмагани маъқул. Сабаби муздек сув ичганингизда танамиз совуган ичги аъзоларимизни иситишга тиришади ва охир-оқибатда вужудимиз яна қизиб кетади. Шунинг учун сув бироз совуқ ва нордон бўлса яхши. Бунинг учун унга лимон шарбатидан қўшинг.
 
Пивога "йўқ” денг
Шифокорлар ёз жазирамасида фақат тоза сув ичиб, турли газли ширин ичимликлар, алкогол, шу жумладан пиво истеъмол қилмасликни тавсия этишади. Ҳатто ёш, бақувват ва соғломларга ҳам! Иссиқда пиво ичиб чанқоқни қолдиришни ёқтирадиганлар кўп. Бироқ гап шундаки, пиво бошида чанқоқни қолдириб танани совитгандек туйилса-да, ундаги спирт ўз ишини қилмай қолмайди. Ахир бир бокал пиво 50 грамм арақ дегани. Жазирамада арақ ичиш – ўз жонига қасд қилишдек гап. Қолаверса, пиво пешоб ҳайдовчи ичимлик, бу эса танадаги сувларни ҳайдаб чиқаради.
 
Дорига келганда...
Қуёш нурларига ўта таъсирчан одамлар қуёш энг фаол фазаси 12:00 дан 16:00 гача салқин жойларда бўлиши мақсадга мувофиқ. Жисмоний фаолликни чеклаш, тез-тез сув муолажаларини олиш айни муддао.
 
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дори ичаётган беморлар шифокорлар билан бу борада маслаҳатлашишлари керак. Сабаби жазирамада нейролептиклар, пешоб ҳайдовчи ва айрим бошқа дориларни қабул қилиш жуда хавфли.
 
Бир тавсия бермоқчимизки, уни шифокорингиз билан маслаҳатлашмай ҳеч қачон қўлламанг. Кун иссиқ бўлишига кўзингиз етса, эрталаб яримта аспирин ичиб чиқинг. Унутмангки, аспиринни оч қоринга ичиш мумкин эмас. Нонушта қилмайдиганлардан бўлсангиз, аспириндан олдин бир чой қошиқ зайтун ёки зиғир ёғи ичиб юборинг. Дори қоннинг суюлишига сабаб бўлиб, жазирамада юрак қон-томир тизимига кўмаклашади. Гап шундаки, иссиқда биз терлаймиз ва қон қуюқлашади. Бу эса тромблар вужудга келишига олиб келади.
 
Кун тартибини ўзгартиришнинг иложи бўлса…
Ходимлари ҳақида ҳақиқатдан қайғурадиган иш берувчиларга шундай маслаҳат берилади: иш кунини қисқартириш ёки ўзгартириш лозим. Жисмоний оғир ишларни эрталабки ёки кечки пайтларга суриш, ходимларни сифатли ичимлик суви билан таъминлаш керак.
 
"Испанияга борганимда у ерда жазирамадан қандай сақланишларини кўриб ҳайрон қолдим. У ерлар жуда иссиқ, устига устак ҳаво намгарчилиги юқори бўлгани учун ҳаммомдек бўлиб кетади. Билишимча, Ўртда денгиз мамлакатларида, масалан, ёзда кундузи соат 10 дан 16 гача ҳеч ким ишламайди, ҳамма дам олади. Буни Испанияда сиеста деб аташади, – дейди Испанияда таълим олиб келган Алишер Худойбердиев. – Бунда иш икки сменага бўлинади – эрталабки ва кечкига”.
 
Сигарета ва таомлар
Тери саратонини келтириб чиқариши мумкин бўлган қуёшнинг ультрабинафша нурларидан энг яхши ҳимоя – соя, тўқ кўзойнак (олифта деб аташлари мумкинлигига парво қилманг, ахир қуёш нурлари кўз гавҳарига салбий таъсир қилиб, катарактага сабабчи бўлиши мумкин), шляпа ва ҳимоя фактори кўрсаткичи 15 дан ортиқ бўлган қуёш нуридан ҳимояловчи крем ҳисобланади. Бунда крем ҳар икки соатда ёки ишдан, сузишдан, ўйинлар ёки жисмоний машқлардан сўнг суртилиши керак.
 
"Тери ташқи муҳитга энг таъсирчан аъзодир. У организмимизни ҳимоялайди ва албатта бизга гўзал кўриниш беради. Ҳар куни теримизда миллионлаб ҳужайралар ўлиб, унинг ўрнини янгилари эгаллашга ошиқади. Бунда уларга озуқадан ташқари сув жуда ҳам керак, – дейди Тошкент тиббиёт академияси тери-таносил касалликлари кафедраси доценти Баҳодир Азизов. – Иқлимимизни инобатга оладиган бўлсак, терини озиқлантириш, жумладан етарлича сув ичиш, намлантириш теримизга қуёшнинг ультрабинафша нурларидан ҳимояланишга кўмаклашади. 30 ёшгача тери ўзини янгилаш жараёни бир мунча фаол бўлади. Бироқ бу ёшдан кейин, терига алоҳида эътибор бериш керак”.
 
Кашандаларга шифокорлар шундай маслаҳат беришади: тамаки чекиш ёки ҳатто тамаки чекилаётган хонада ўтириш жиддий хавф туғдириб, одамлар ҳамда уй ҳайвонларининг интоксикациясига сабаб бўлиши мумкин.
 
Таомномага келадиган бўлсак, жазирамада иссиқ таомдан воз кечинг, унинг ўрнига салатлар ва окрошка, кукси, гўжа каби овқатларни ейиш мақсадга мувофиқ. Кўп еб юбориш ҳам ўзингизга зиён, сабаби уни ҳазм қилиш учун танамиз кўп қувват сарфлайди, оқибатда яна қизиб кетамиз.
 
Энг муҳим огоҳлантириш – ёш оналарга. Чақалоқлар танасида иссиқлик алмашинуви етарлича ривожланмаган бўлади. Шунинг учун уларни енгилроқ кийинтириш керак, плеёнкали коляскада олиб юриш мумкин эмас.
 
Инфекциялардан сақланинг
Маълумки, ёз мавсумида ичак инфекция билан касалланиш ҳамда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўпаяди. Бунинг олдини олиш учун эса гигиена қойидаларига риоя қилиш, янги маҳсулотларни истеъмол қилиш, уларни салқин жойлардангина харид қилиш, фаст-фуддан воз кечиш, мева-сабзавотлар, кўкатларни ейишдан олдин яхшилаб ювишга тўғри келади.
 
"Ҳозирги кунда фанга E.Сoli ичак таёқчаларининг 700 дан ортиқ антиген вариантлари мавжуд, – дейди Москва давлат тиббиёт университети кафедра профессори Александр Еровиченков. – Бундан ташқари ушбу антиген вариантларнинг структураси доимий равишда ўзгариб боради. Шу сабабли ҳам бактериологлар, ҳам эпидемиологлар янада хавфли инфекцион касалликлар келиб чиқишига тайёр туришади”.
 
Шундай экан жазирамада ичак инфекциясини юқтириб олмаслик учун нималарга эътибор қаратишимиз лозим?
 
Мева ва сабзавотларда хавфли бактериялар унинг ичида эмас ташқарисида бўлади. Қулупнайда ҳатто паразитларнинг тухумлари қўним топади. Шунинг учун уларни яхшилаб тозалаш шарт.
 
Шуниндек, музқаймоқ танлашда жуда эҳтиёткорлик бўлиш керак. Бунда унинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига эътибор бериб, уларни музлатгичи бор дуконлардан харид қилиш даркор.
 
Кийим борасида
Кийим танлаётганда тор бўлмаган, кенгроқ ва табиий материаллардан тикилган кийимларни, шунингдек бош кийимларини кийиш даркор. Ёдингизда тутинг, кийим оч рангда бўлса, у қуёш нурларини қайтаради, яъни қизимайди. Пахта ёки зиғирпоя толасидан тикилган кийим танлаганингиз маъқул. Либос қанчалик гўзал бўлмасин синтетикадан бўлса, ундан воз кечинг.
 
Уйни совитиш учун
Уйни совитиш кўп қаватли биноларда яшовчилар учун айниқса долзарб муаммодир. Қолаверса, ўтган асрда қурилган аксарият шундай уйлар бетондан бўлгани вазиятни янада оғирлаштиради. Кондиционери борларга жазирама ноқулайлик туғдирмайди. Бироқ уни ҳар ким ҳам сотиб ололмайди. Шундай вазиятда уйни совитиш учун нима қилиш керак?
 
"Ота-боболаримиз шундай қилишган: қуёш ботганда уйнинг барча эшик ойналарини очиб, уй ҳавосини алмаштиришган, эрта тонгда эса уларнинг барчасини ёпиб қалин пардаларни тортиб қўйишган”, – дейди Азиз Ҳамроқулов.
 
"Мен кўпқаватли бинонинг учинчи қаватда яшайман. Уй бетондан қурилган. Ёзда деразаларни ёпадиган бўлсак умуман нафас олиб бўлмай қолади, – дейди Зарина Ашурметова. – Шунда чойшабларни ҳўллаб парда ўрнига илиб қўяман”.
 
Автомобил офтобда қолмасин
Ёз жазирамаси автомобилларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатади: бўёғи хиралашади, салондаги пластик ёрилади, термостат ва радиатор бузилади.
 
Маълумки, автомобил узоқ вақт қуёш нурлари остида узоқ турса шу қадар қизийдики, ташқарида ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича +38 даража бўлса, ичида +45 даражагача етади. Машинада кондиционер бўлса-ку яхши, аммо бўлмаса-чи?
 
Автомобилингизнинг кондиционери бўлмаса, унга вентилятор ўрнатиш ҳақида ўйлаб кўринг.
 
Биласизми?..
Кондиционер нафас олиш органлари ҳамда терига зарарли деган фикрда асос бор. Ёзда ишлаб турган кондиционернинг ичи бактерияларга тўлади. Куз ва қишда керак бўлмаганида, табиийки ўчирилади ва бактериялар кўпая бошлайди. Кеч баҳор-ёзда ёқилгач, бактериялар бутун уйга тарқалади ва касалликларга сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш учун кондиционерни мавсум олдидан албатта мутахассисларга тозалатиш лозим.
 
Шунингдек, шифокорлар кондиционер нафас олиш йўлларининг юқори қисми ва терини қуритади деган фикрда. Аммо, энг замонавий кондиционерлар ҳавони намлантириш хусусиятига эга.
Фирдавс Мелибоев
ovoza.com
Просмотров: 457 | Добавил: gonch | Теги: беаёв, Жазирама, бўлганида... | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: