Главная » 2012 » Ноябрь » 19 » Зиёданинг севгани ким?
14:17
Зиёданинг севгани ким?
Меҳмонимиз – хонанда Зиёда.
 
– Ёз фаслида ҳамма дам олиш жойларига ошиқади...
 
– Мен ҳам дам олгани бажонидил борардим, лекин ҳозир ишларимиз жуда кўпайиб кетган. Ижод, янги қўшиқлар ёзиш билан бандмиз. Бундан ташқари, халқимизнинг хизматларига ҳам бормасак, хафа бўлишади.
 
– Тўйлар хақида гап очдингиз, шу ўринда бир савол, тўйларга неча пулга чиқасиз?
 
– Бирор қийматни айтиб, "шунча берасизлар”, демайман. Ўзимга "ставка” қўймаганман. Борган хонадонимизнинг оилавий аҳволига қараб, неча пул беришса, шунга рози бўлиб хизмат қиламиз. Ҳатто, бепул борган вақтларимиз ҳам кўп бўлади. Халқнинг пули эмас, дуоси керак.
 
– Саҳнадаги ва ҳаётдаги Зиёданинг қандай фарқлари бор?
 
– Саҳнада ўзимни эркин тутаман. Бу билан ҳаётда эркинмасман, деган фикрдан йироқман. Шунчаки, саҳнада актёрлик қобилиятимни бемалол ишга солиб, шўх-шаддод қизга айланаман. Ҳаётда эса бутунлай бошқа, оғирроқман.
 
– Ўзбекистон Давлат санъат институтига ўқишга кириб, ташлаб кетган эдингиз, профессионал билимнинг зарурати йўқ, деб ҳисобладингизми?
 
– Бу тўғри, лекин профессионалликдан кечиб эмас, вақт масаласида қийналиб қолганлигим учун у ердан кетгандим. Аммо бу ишимдан ҳозир афсусдаман. Насиб қилса, бу йил институтдаги ўқишимни тиклаш ниятидаман.
 
– Орзуингиздаги инсонни қандай тасаввур қиласиз? 
 
– Меҳрибон, мени тушунадиган, оқкўнгил. Менимча, ҳамма қизлар шундай тасаввур қилса керак (кулиб).
 
– Ошиқларингиз орасида кўнглингизга ёққан инсон борми?
 
– Буни қандай айтишга ҳам ҳайронман, қиз болага буни айтиш қанақа бўларкин-а?
 
– Демак, бор?
 
– (Кулиб) Бу сир бўла қолсин.
 
– Агар турмуш ўртоғингиз хонандаликни давом эттиришингизга қарши бўлса, қандай йўл тутасиз?
 
– Энди буни вақт кўрсатади. Ҳозирдан тўсқинлик қилмайди, деб катта гапира олмайман. Аммо қаршилик билдирмаса керак, деб умид қиламан.
 
– Сиз билан бир вақтда санъатга кирганларга қараганда тезроқ танилдингиз, бунда кимнинг хизматлари кўпроқ деб ўйлайсиз? 
 
– Авваламбор, ота-онам бўлмаганда мен ҳам бўлмасдим. Дадам бошида санъатни танлашимга жуда қарши бўлгандилар. Улардан яшириб кастингда иштирок этганман. Кейинчалик эса онам билан бирга уларнинг розилигини олганмиз. Агарда ўшанда дадам рухсат бермаганларида мен бугун Зиёда бўлиб танилмасдим. Бундан ташқари, "Акфа медиа”даги жамоа билан тинимсиз ишлашимизга тўғри келган. Ўша жамоанинг ҳам менга меҳнатлари синган.
 
– "Акфа медиа”ни тарк этганингизга ҳам бир неча йил бўлди. Уларнинг бошқа ёш хонандаларга эътибор қаратиши "рашк”ингизни келтирмайдими? 
 
– Мендан кейин Рухшона, Умидахон каби хонандаларни олиб чиқишди. Рашким келади, деёлмайман, сабаби, улар ҳам ўз сингилларимдек бўлиб қолган.
 
– Сизга кутилмаганда танқидий савол билан мурожаат этишса... 
 
– Танқидларга яхши қарайман. Агарда кимдир менга келиб айбимни айтса, миннатдор бўламан. Сабаби, балки ўша камчилигимни ўзим сезмаган бўлишим мумкин. Менга айтгандан сўнг уни тузатишга ҳаракат қиламан.
 
– Бу йил ҳам концерт беришни режалаштиряпсизми?
 
– Ҳа, насиб қилса, ноябр ойларига концерт беришга тайёргарлик кўряпмиз.
 
– Жонли ижрода концерт қўйишни ўйлаб кўрмадингизми?
 
– Жонли ижрода қўшиқ куйлай оламан. Лекин нимагадир концертни жонли беришга қўрқаман. Ҳаяжоним жуда кучли. Саҳнада турган вақтим хаяжонланганимдан қорним оғриб қолади (кулиб). Икки маротаба концерт берган бўлсам, биринчи концертимда 1-2 та қўшиқни жонли ижрода айтгандим. Кейинги концертимда 3-4 тасини жонли ижрода куйладим. Асталик билан жонли ижрода куйланадиган қўшиқлар сонини ошириб боришни режалаштирганман.
 
– Демак, бир неча йилдан сўнг сиздан бутунлай жонли ижродаги концертни кутар эканмиз-да!
 
– Насиб қилса. Бундай ниятим бор, албатта!
 
– Бирор концертда фонограммада қўшиқ куйлаётганингизда микрофон ишламай қолган вақт ҳам бўлганми?
 
– Ангрен шаҳрида концерт бераётгандик. У вақтда техникаларимиз ҳозиргидек яхши эмасди. Микрофон симли эди. Мен қўшиқ куйлашни бошладим. Орадан бироз ўтгандан сўнг одамлар менга ажабланиб қараётганлигини сездим. Нима бўлганига тушунмаганим учун қўшиқни айтиб тугатдим. Кейин қарасам, микрофоннинг сими тушиб қолган экан. Шундагина одамлар нимага ажабланганлигини тушунганман. Шунақанги уятли ҳолат бўлганки, сўз билан айтиш мушкул (кулиб). Ўшанда шу қўшиқни бошқатдан айтиб беришимга тўғри келган.
 
– Ўзингизга ёқмаган ролни ижро эта оласизми?
 
– Чин юракдан рол ижро этиш лозим, деб ўйлайман. Менинг эса чин дилдан қилмаган ишларим яхши чиқмайди. Шу сабабли, ижро этган тақдиримда ҳам қандай чиқишини билмайман.
 
– Рол таклиф этишса...
 
– Аввало, сценарийни ўқиб чиқардим. Менга мос келадиган, характеримга муносиб тушадиган рол бўлса, ўйнашим мумкин. Бундай режам ҳам йўқ эмас.
 
– "Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, деган гапга нима дейсиз?
 
– (Кулиб) Хонанда хонандалигини, актёр актёрлигини қилсин, демоқчисиз-да. Нимага шаъма қилаётганингизни тушундим. Актрисаликка ўтиб кетиш ниятим йўқ. Шунчаки, "хобби” сифатида кинода суратга тушиб кўришни истайман. Лекин хонандаликни ташламайман.
 
– Кўнглингизни оғритишганми?
 
– Унақаси кўп бўлган. Нимагадир кўнглимни тез-тез оғритиб туришади. Бироқ бир одатим бор. Индамай кетаман. Шунчаки, хафа бўламан. Аммо кўнглимни оғритган одамга нимадир бўлади. Шунда ёнимдагилар доим "Сенинг кўнглингни оғритиш керак эмас”, деб кулишади.
 
– Одам баъзида дардкаш, тасалли излаб қолади. Шундай вақтларда ким билан сирлашасиз?
 
– Аламимни йиғидан оламан. Бир ўзим хонамга қамалиб олиб, йиғлаб-йиғлаб кўнглимни бўшатаман. Кимнингдир ёнида кўз ёш тўкишни ёқтирмайман.
 
– Хориж қўшиқларидан кўчириб куйлаш авжга чиқиб кетди. Сизда ҳам бу ҳолатни кузатганмиз...
 
– Ҳа, бундан 3-4 йил олдин мен ҳам қўшиқларимнинг бир-иккитасини кўчириб ижро этганман. Аммо ҳозирда бундай қилмаяпман. Кўпроқ ўз устимда ишлашга, янги тароналар яратишга ҳаракат қиляпман.
 
– Клипларда кўпроқ нимадан фойдаланишни ёқтирасиз?
 
– Клипларимни асосан декорацияда ишлаш ёқади. "Севмаганман”, "Ҳаётим бу” номли қўшиқларимга "Акфа медиа”да ишлаган вақтим хорижга бориб клип олгандик. Бироқ декорацияни истаганингизча ўзгартиришингиз мумкинлиги, ёқмаган жойларидан воз кечиш имкони бўлганлиги учун ҳам кўпинча декорацияда клип олишга ҳаракат қиламан.
 
– Балки, хорижда клип суратга олиш қимматга тушаётгандир...
 
– Хорижда клип олиш ўзига яраша харажат талаб қилади. Бироқ шуни айтишим керакки, хорижда клип олмаётганлигимга моддий муаммо сабаб эмас. Шунчаки, Ўзбекистоннинг ўзида ишланган клипларга нима етсин.
Муҳайё Мухторова суҳбатлашди

Просмотров: 454 | Добавил: gonch | Теги: Зиёданинг, ким?, севгани | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: